АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулот ўтказмоқда

АҚШ ва Корея Республикаси «Freedom Shield 2025» (Эркинлик қалқони-2025) ҳарбий машғулотини бошлади. Ушбу тадбир икки давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Шимолий Корея томонидан келаётган минтақавий таҳдидга қарши чора кўриш мақсадини кўзлаган.
“Yonhap” агентлиги хабар беришича, 10-21 март кунлари бўлиб ўтадиган машқ армиялар ҳамкорлигини кучайтиради. Жанубий Кореянинг 19 000 га яқин аскари симуляцион тренажёр машғулоти, ҳарбий машқ ва 16 хил йирик дала амалиётида иштирок этади.
“Анадолу” ёзишича, бу Дональд Трамп Президент лавозимига киришгандан кейинги илк йирик қўшма ҳарбий машғулотдир.
Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги (KCNA) хабар беришича, КХДР Ташқи ишлар вазирлиги мазкур тадбирни “хавфли таҳдид ва тажовузкорлик акти” сифатида баҳолади.
— Расмий баёнотда куч ишлатиш бундан-да жиддий хавфсизлик инқирозини юзага келтириши мумкинлиги таъкидланган, — дейилади KCNA хабарида. Айни тажовузкор ҳаракат Корея ярим оролида ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин.