Дунёда аёлларнинг аҳволи

265

БМТда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан дунёдаги аёлларнинг бугунги аҳволи ҳақида маъруза тайёрланди. Таъкидланишича, сўнгги 30 йил ичида дунёда аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган 1,5 мингдан ортиқ ислоҳотлар ўтказилган.

Шундай бўлса-да, ҳозирда аёллар эркакларга берилган ҳуқуқларнинг атиги 64 фоизига эга. Парламентлардаги аёллар сони икки баробарга ошган, аммо бу ҳали ҳам ўринларнинг фақат чорак қисмини ташкил этади. Шу пайтгача атиги 87 та мамлакат аёллар томонидан бошқарилган.

Дунёдаги аёллар ва қизларнинг қарийб 10 фоизи ёки 393 миллиони ўта қашшоқликда, 15 фоиздан ортиғи эса ҳарбий можаролар ҳудудларида яшайди. Иш ўринларидаги гендер тафовути ўн йиллар давомида ўзгармай қолмоқда: меҳнатга лаёқатли ёшдаги аёлларнинг 63 фоизи ишлайди , эркакларда бу кўрсаткич 92 фоизни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, кеча президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бошқарув соҳасидаги ходимларнинг 35 фоизини (2017 йилда — 20 фоиз) аёллар ташкил этишини таъкидлаган эди. Шунингдек, парламент қуйи палатаси депутатларининг 38 фоизини ва Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этади.