Ўзбекистоннинг ШҲТдаги мавқеи (+видео)

328

Маълумки, 2001 йил ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг асосий мақсади иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва маданий алмашинувни кучайтиришдир.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлган дастлабки давлатлардан бири ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Республикамизнинг геосиёсий жойлашуви ШҲТ учун стратегик аҳамиятга эга. Зеро, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган диёримиз транспорт-логистика йўналишини ривожлантириш учун жуда қулай манзил.

Ўзбекистон ШҲТ доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббусларни илгари суриб келади. Масалан, мамлакат терроризм ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши курашувчи тузилмаларни кучайтириш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, ўз ресурслари билан аъзо давлатлар энергетика хавфсизлигини таъминлашга интиляпти.

Иқтисодиётни диверсификация қилиш, инвестиция жалб этиш, икки ва кўп томонлама савдо алоқаларини кенгайтириш мақсадида бир неча лойиҳа амалга ошириляпти. Транспорт инфратузилмаси, энергия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик кун сайин кенгаймоқда.

Хуллас, ШҲТ майдонида ўзига хос мавқега эга Ўзбекистон минтақавий барқарорликка муносиб ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимиз халқаро муносабатларда фаол иштирок этиб, иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратишга ҳисса қўшмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар юртимизнинг минтақавий сиёсатдаги муҳим ўрнини яна бир бор тасдиқлайди.

Мусулмон Зиё,

Аброр Содиқов (видео), ЎзА