Экскаваторчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Айни кунларда Қорақалпоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев туманларда сув хўжалиги соҳасида, шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда, деб хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Вазир Кегейли туманида ҳам бўлиб, дастур доирасидаги ишларни ўрганди ва туман ҳокими билан учрашиб, келгуси вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Кегейли тумани ҳокими А.Камалов “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида каналларни тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатаётган экскаватор бошқарувчиларини қўшимча қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилаётганини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, Жалпак жап овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги канал қазишда иштирок этаётган экскаваторчиларга бир қопдан ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Кегейли тумани ҳокими А.Камаловнинг экскаваторчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ушбу ташаббуси бошқаларга намуна бўлишини, оддий механизаторларнинг фидокорона меҳнатига эътибор аслида иш унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирлардан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, сув хўжалиги масъулларига аҳолининг томорқа майдонлари сув таъминотини яхшилашга қаратилган ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумот учун, Кегейли туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Ақтуба, Кўкўзек, Абат, Жалпак жап ва Кумшунгул овул фуқаролар йиғинларидаги каналлар ва ички ариқларни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 9 та экскаватор жалб қилинган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги