Халқининг тинчлигини ҳимоя қилиш ҳақиқий мардларнинг иши

Андижон, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Бухоро вилоятларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 300 нафарга яқин қорақалпоғистонлик ёшлар Ватан олдидаги муқаддас бурчини адо этиб, уйларига ёруғ юз билан қайтди.
Улар «Нукус» темир йўл вокзалида Шимолий-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналари иштирокида тантанали равишда кутиб олинди.








Ҳарбий кийими жуссасига ярашиб турган йигитлар вагонлардан мардона чиқишар экан, уларни кутиб олганлар бир йил аввал бу ўсмирлар бугун анча улғайиб, куч-қувватга тўлганини кўриб қувончга тўлди. Ўз она юртининг тинчлиги, халқининг тотувлигини ҳимоя қилиш ҳақиқий мардларнинг иши экани таъкидланди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижросидаги ҳарбий куйлар эндигина хизматдан қайтиб келаётган йигитларнинг хаёлига армия сафларида ўтган қувончли кунларни, ҳаётга чиниқтирган машаққатли дамларни, елкама-елка сафда турган тенгдошларини, ақл-насиҳати билан устозга айланган командир ва раҳбарларни яна бир бор эслатди.
– Кўзларида қувонч ёшлари билан фарзандларини бағрига босаётган ота-оналар, зиммасига юклатилган масъулиятни адо этиб келган фуқароларнинг бахтли чеҳралари, уларни кузатиб турган оломоннинг қувончи атрофга байрамона кайфият бағишлади, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Қорақалпоқ давлат университети талабаси А.Баймуратов.
Албатта, ҳаёт мактабини ўтаган, дунёқараши кенгайиб, ўзларида ишонч пайдо бўлган йигитлар ўз олдига қўйган мақсадларига эришиб, келажакда юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун фидокорона хизмат қилади, юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган фидойи инсон бўлишга интилади. Бунинг учун юртимизда барча имкониятлар яратилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги