Аёл – оиламизнинг нури, қуёши

Мўйноқ тумани марказидаги файзли масканлардан бирида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бағишлаб байрам кечаси ўтказилди.
Байрам тадбирида туман ҳокими Б.Менглибеков ва бошқалар сўзга чиқиб, хотин-қизларни байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.
Таъкидланганидек, ҳар бир соҳада фаолият юритаётган, оилага нур бағишлаётган аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни алоҳида ва жамият равнақи учун сидқидилдан хизмат қилаётган бундай аёллар – энг юксак эҳтиромга лойиқдир. Мўйноқлик аёллар ҳам меҳр ва эҳтиромга энг муносиб инсонлар. Уларга гуллар совға қилиб, уларни гуллар билан кутиб олиш эса, одоб-ахлоқ ва эътибор рамзидир.
Мўйноқлик аёллар бир пайтлар балиқ консерваларини дунёга машҳур қилган, ҳозир эса янги ҳаёт учун курашаётган фидойилардир. Улар барча даврда ҳам эл учун хизмат қилган ҳақиқий қаҳрамонлар! Уларнинг меҳнатлари муносиб қадрланиб, хотин-қизлар эътиборда бўлса, жамият ва давлат ривожланади.
Байрам тантанасида соҳаларда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларга туман ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқлар ва байрам совғалари топширилди.


Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги