Олима аёл-қизларимизга ҳурмат кўрсатилди

Оиламиз ва жамиятимиз таянчи, ҳаётимизнинг гули ва мазмуни бўлган аёлларимизни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида 8 март — халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мазкур олийгоҳда ишлайдиган хотин-қизлар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда филиал директори, профессор Байрамбай Еримбетов иштирокчиларни халқаро хотин-қизлар куни байрами билан табриклаб, уларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва хизматини юксак баҳолади. Шунингдек, Президентимиз томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга, шу жумладан, олий ўқув юртида ўқиш тилагидаги қизларимизга яратилаётган кенг имкониятларга тўхталиб, бунинг учун Юртбошимизга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбирда филиалда фаолият юритаётган қатор хотин-қизларга ҳурмат кўрсатилиб, уларга байрам совғалари топширилди.
-2024 йили психология мутахассислиги бўйича олиб борган илмий ишимни мувфақиятли ҳимоя қилган эдим,-дейди психология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори Улбосин Қалилаева.-Бугунги байрам тадбирида институт раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландим ва бунинг учун ташкилотчиларга катта раҳмат айтаман.
Байрам тадбири филиал талаба-ёшлари томонидан тайерланган концерт дастури билан давом этди.




Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси