Жанубий Корея Президенти қамалмайдими?

Жанубий Корея суди Президент Юн Сок Ёлни ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Февраль ойида давлат раҳбарининг тарафдорлари Сеул марказий округ судига шикоят билан мурожаат қилган эди. Натижада суд қўлга олиш амалиётини ноқонуний, деб топган.
Адвокат Сок Дон Хён тушунтиришича, прокурорларнинг апелляция бериш имконидан фойдаланиш муддати тугамагунча, Президент қўйиб юборилмайди.
– Суднинг қамоққа олиш тартибини бекор қилиш ҳақидаги қарорига қарамай, маҳбус дарҳол озод этилмайди, – дейди Сок Дон Хён. – Марказий туман прокуратураси етти кун ичида апелляция бериши мумкин. Қачонки, шундай шикоят рад этилса ёки тегишли ҳуқуқдан вақтида фойдаланмаса, сиёсатчи озодликка чиқарилади.
15 январь куни Олий даражадаги амалдорлар учун коррупцияга
қарши тергов бошқармаси Президент Юн Сок Ёлни ҳарбий ҳолат жорий қилиш орқали конституциявий тузумга қарши исён кўтаришда айблаб, пойтахтдаги қароргоҳида ҳибсга олган. Сеул ғарбий округ суди эса давлат раҳбарини ушлаш тўғрисидаги қарорни 19 январь куни чиқарган.
М.Пирматова, ЎзА