Тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун фойдали саёҳат

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан «Бизнес клуб» аъзолари ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун Нукус шаҳрида фаолият юритувчи «VISCONTI» масъулияти чекланган жамиятига бизнес саёҳат ташкил этилди.
«VISCONTI» МЧЖ директори Мийригул Каипова Президентимиз томонидан қабул қилинган «Кичик бизнесни ривожлантиришни моддий ва институтсионал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, бугунги кунда нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ишларини йўлга қўйган.
– Тадбиркорлигимизни бошлаганимизга бир йилга яқин вақт бўлди. Айни пайтда корхонамизда 46 турдаги нон ва нон маҳсулотлари тайёрланади. Маҳалламиздаги 6 нафар хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминладик. Имтиёзли кредит олишда, тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлишимиз ва бизнесимизни бошлашда Савдо-саноат палатаси яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Келгусида корхонамизни янада кенгайтириб, шахсий брендимиз асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизни жаҳон бозорларига танитиб, қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштиряпмиз, – дейди тадбиркор М.Каипова.



Бизнес саёҳат давомида иштирокчи ёшлар корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбиркорлик йўналишида бошланғич билимларга эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги