ШҲТ – Ўзбекистон: Минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

376

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев билан учрашув бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Президент Администрацияси вакиллари, Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек ЖИДУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Университет ректори Содиқ Сафоев тадбирни очиб, ШҲТ ҳудудида дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи истиқомат қилиши, глобал ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмидан кўпи тузилма таркибидаги мамлакатларга тўғри келишига эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан “ШҲТ оиласи” жипслиги туфайли юзага чиқаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва биргаликда ривожланиш тамойилини изчил равишда ҳаётга татбиқ этиш мумкинлигини таъкидлади.

Мунозара давомида ШҲТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик, маданий-гуманитар алоқаларга доир долзарб масалалар кўтарилди.

Қизиқарли мулоқот якунида талабалар ва ўқитувчиларнинг саволларига жавоб бераркан, Нурлан Ермекбаев ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ёш мутахассислар халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Мусулмон Зиё, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА