Яшариш, янгиланиш ва баҳор тимсоли

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан жойларда ўтказилаётган байрам тадбирлари давом этмоқда.
Қонликўл туманидаги файзли масканлардан бирида ушбу байрамга бағишланган тантанали байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Байрам кечасида туман ҳокими Б.Султонов, нуроний онахонларимиз ва хотин-қизлар иштирок этиб, тадбирда туман ҳокими сўзга чиқиб, байрам билан барча хотин-қизларимизни қизғин табриклаб, уларнинг турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, ўз хизматлари билан жамиятимиз ривожига қўшаётган ҳиссаларини алоҳида таъкидлади.
Таъкидланганидек, яшариш ва янгиланиш ҳамда баҳор тимсоли бўлган азиз оналаримиз ва қизларимизнинг байрами, уларнинг меҳнатларини улуғлаш билан улуғланади. Туманда ўтказилган байрам кечасида барча соҳалар томонидан хотин-қизлар меҳнати юксак баҳоланди.
Файзли дастурхон атрофида ҳожи оналар, аёл-қизлар жам бўлиб, байрам қувончларини баҳам кўрдилар.
Қонликўл тумани ҳокимлиги ва туман маданият бўлими, шунингдек, халқ истеъдодлари томонидан байрамга бағишлаб ўтказилган концерт дастури йиғилганларга завқ бағишлади.

«Оламга нур таратар – Она меҳри» мавзусидаги хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказилган тадбирлар турли ўйин-кулгилар билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги