Франция бойларга солиқ солмоқчи

310

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам беришни тўхтатганидан сўнг Франция мудофаа бюджетини ошириш йўлларини қидирмоқда. Оғир қарзга ботган мамлакат вазиятни яхшилашга интилмоқда, деб ёзди “Euronews” нашри.

Францияда ўта бой одамлар кўпроқ солиқ тўлашга мажбур бўлиши мумкин, чунки ўлка ҳарбий харажатларни кўпайтиришга интилмоқда.

Иқтисодиёт, молия ва саноат вазири Эрик Ломбарднинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси илгари муваффақиятсизликка учраган ҳукуматнинг бадавлат инсонларни солиққа тортиш ҳақидаги режаларини қайтадан кўриб чиқмоқда.

Ломбард юқори солиқлардан қочадиган бадавлат шахсларга ишора қилиб, “бойлар кўпроқ бож тўлаш орқали мамлакатга ҳисса қўшишлари керак”, деди.

Ҳукумат, шунингдек, инвесторларни жалб қилиш ва улар учун мудофаага йўналтирилган инвестиция фондларини ташкил этиш йўлларини изламоқда.

Франция 2030 йилгача мудофаа бюджетини йилига 3 миллиард еврога оширишни режалаштирмоқда, бироқ давлат юқори бюджет тақчиллиги ва 3,3 триллион еврога етган қарз билан анчагина мушкул аҳволга тушиб қолди.

Францияда бойларни солиққа тортиш долзарб мавзу. Миллий Ассамблея, мамлакат парламентининг қуйи палатаси қарийб икки ҳафта олдин 2 фоизлик бойлик солиғи ундирилишини ёқлаб овоз берди.

Ушбу қонун лойиҳаси Сенат томонидан қабул қилинишига жиддий шубҳалар мавжуд бўлсада, у муҳим босқич сифатида намоён бўлди.

Мазкур режа бойлиги 100 миллион евродан ортиқ бўлган шахсларга қаратилган бўлиб, бюджетга йилига 15-25 миллиард евро даромад келтириши кутилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА