Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди

353

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Франциянинг нуфузли молиявий муассасаси – “SociétéGénérale” банки вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик йўналишлари, хусусийлаштириш жараёнлари, “яшил“ иқтисодиётни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлат иштирокидаги банклар ва корхоналарни хусусийлаштириш, қимматли қоғозлар бозори, еврооблигациялар чиқариш, халқаро рейтинглар билан ишлаш жараёнларини жадаллаштириш, «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил“ иқтисодиёт йили» доирасида экологик барқарор лойиҳаларни ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологиялар асосида барқарор иссиқлик тизимини яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Унда соғлиқни сақлаш, таълим ва энергетика, жумладан, электр энергиясини етказиб бериш соҳасидаги шериклик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун амалий қадамларни биргаликда амалга оширишга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА