Нобуд бўлган ҳосил ёки чорва зарари тўлиқ қоплаб берилади (видео)

371

Қонун лойиҳасига шарҳ

Об-ҳаво инжиқлиги, турли офатлар, зараркунандалар, ёнғин, чорва ҳайвонларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши каби ҳолатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга катта зиён етказиши мумкин. Бундай вазиятлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ташвишга солади, албатта.

Эндиликда қишлоқ хўжалигидаги бу каби таваккалчиликлар суғурта қилиниши ва шу орқали зарар тўлаб берилиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуманноп Бўриев батафсил гапириб берди.

— Куни кеча қуйи палатамиз томонидан қабул қилинган ушбу қонунга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда табиий офатлар, ёнғин, ўсимликларнинг касалликлар ва зараркунандалардан талафот кўриши, чорва ҳайвонларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши каби ҳолатларда етказилган зарар суғурта орқали қоплаб берилади.

Бундай амалиёт шу пайтгача мавжуд эмас эди. Чунки қишлоқ хўжалиги бутун дунёда таваккалчиликлар юқори бўлган суғурта тури ҳисобланади. Бу эса суғурталовчи ташкилотлар учун жозибадор эмас. Эндиликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат кўмаги кириб келяпти. Бунинг учун алоҳида жамғарма ташкил этилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Мустақил эксперт институти жорий этилмоқда. Мустақил эксперт суғурта жараёнида иштирок этади, унинг хулосасига қараб зарар тўлаб берилади.

Масалан, қишлоқ хўжалигидаги ҳосил ёки чорва жамғарма кенгаши томонидан баҳоланади. Дейлик, ҳосил 100 миллион сўмга баҳоланса, шунинг 10 фоизи миқдорида суғурта тўлови жамғармага тўланади. Суғурта тўловининг ярми давлат субсидияси ҳисобидан, ярми эса фермер томонидан тўланади. Шунда 100 миллионлик ҳосилнинг 10 фоизи 10 миллион бўлса, унинг 5 миллионини фермер тўлайди. Агар келгусида ҳосилга зарар етадиган бўлса, жамғармага йиғилган маблағ ҳисобидан зарар тўлиқ тўлаб берилади. Суғурта муносабатига киришиш жараёни ихтиёрий бўлади.

Қонунда назарда тутилаётган нормалар ҳақида батафсил қуйидаги видеоҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Муҳтарама Комилова,
Дониёр Ёқубов, Анвар Аҳмедов (видео)