Президент фармони: жорий йил Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида баҳолаш тизими синовдан ўтказилади

Президентимизнинг 2025 йил 5 март куни “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулкни бозор нархига яқин баҳолаш тизими йўлга қўйилади ва бу жараён 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилади.
Янги тизим доирасида мамлакатдаги 8 миллиондан ортиқ турар ва нотураржойлар, 7 миллионга яқин ер участкалари иқтисодий актив сифатида баҳоланади. Шунингдек, кўчмас мулкни олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлариучун олиб қўйиш ва солиқ солиш каби жараёнларда унинг ҳаққоний қийматини белгилаш тизими жорий этилади.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида баҳолаш тизими синовдан ўтказилади. Ундан сўнг мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ базасини қайта белгилаш ҳамда солиқ ставкаларини пасайтириш юзасидан таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
2025-2026 йилларда Тошкент шаҳрида эксперимент тарзида, 2026-2027 йилларда Нукус ва вилоятлар марказларида, 2027 йилдан бошлаб қолган ҳудудларда баҳолаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.
Мазкур тизимнинг амалга оширилишига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул этиб белгиланди. Шунингдек, Кадастр агентлиги ҳузурида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилади.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, янги тизим бозорга асосланган баҳолаш механизмини жорий этиб, мулк солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва солиқ юкини адолатли тақсимлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА