Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгиланди

360

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикасидаги вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳудудлардаги студиялардан туман ҳокимлари, тегишли масъуллар қатнашган йиғилишда 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, шарқона янги йил – Наврўзи олам асрлар давомида меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида халқимиз ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда. Президентининг 2025 йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида жорий йил ушбу байрам мамлакатимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.

Вазирлар Кенгашида ўтказилган йиғилишда яқинлашиб келаётган Наврўз умумхалқ байрамига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Республика ишчи гуруҳи шакллантирилгани, улар шаҳар ва туман марказлари, қишлоқ аҳоли пунктларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек, янги тизим асосида аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва кўмаклашишлари таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳолининг томорқа майдонларини сув билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳудудлардаги масъулларнинг ахборотлари эшитилди ҳамда бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, баҳорги ободонлаштириш ва “Яшил макон” дастури, каналлар, ички ариқларни бетонлаш ҳамда жамоат жойлари, шу жумладан, қабристонларни ободонлаштириш, тозалаш бўйича ҳашарлар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзА