Ҳар қандай вазиятда ҳам холис ва ҳаққоний бўлиш – асосий бурчимиз

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан 2024 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган 2024 йил давомида Нукус туманлараро маъмурий судида жами 883 (810)та маъмурий иш ва 31 (29)та моддий тартибдаги ишларни кўриб тамомланган.
2024 йилда аввалги йилнинг шу даврига нисбатан маъмурий ишлар сони 9,0 фоизга, материаллар сони эса 6,9 фоизга кўпайган.
2024 йил давомида жами 883 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 43,8 фоизи қаноатлантирилган, 41,2 фоизи қаноатлантирилмасдан қолдирилган, 3,1 фоизи кўрмасдан қолдирилган ва 11,9 фоизи иш юритишдан тугатилган.
Президентимиз томонидан билдирилган жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш сабаби, уларга шароит яратиб берган манбаларни ўрганиш, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиши, ҳолатларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва кенг жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлиги, ишларни сайёр суд мажлисларида, аҳоли иштирокида кўриш ҳақида таклиф билдирилганлиги сабабли, судларнинг ишларида бу бўйича ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда ишларни сайёр суд мажлисларида кўришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2024 йил давомида 275 та ёки 31,1 фоиз иш сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Апелляция инстанциясида 131, кассация инстанциясида 111 ва тафтиш инстанциясида 79 та иш кўриб тамомланган.
Суд қарорлари ижроси бўйича, 2024 йил давомида маъмурий судларга даъво аризалар беришда давлатга 415.951.119 сўм бож тўланган бўлса, суд қарорларига асосан давлат бюджетига 369.883.756 сўм бож ундириш белгиланган.
Шунингдек, 2024 йил давомида суд қарорлари бўйича давлат божи ва бошқа турдаги ижро хатларига асосан 465.298.749 сўмлик жами 698 та ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроларига юборилган. Шундан, 335.226.124 сўмлик 583 та ҳужжат, яъни 72 фоиз ижро ҳужжатларининг бажарилиши таъминланган ва якунланган. 130.072.625 сўмлик 115, яъни 28 фоиз ижро ҳужжати қолдиқда қолган.
Ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги ва уларни келгусида содир этмаслик мақсадида кўрилган ишларнинг 43,7 фоизига алоҳида ажримлар чиқарилиб, зарур чораларни белгилаш учун тегишли жойларга юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди томонидан ягона суд амалиётини шакллантириш, одил судловни амалга оширишдаги хато ва камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, фуқаролар мурожаатларини ҳар томонлама тўлиқ ўрганиш ва тўғри йўлга қўйиш бўйича жами 25 маротаба умумлаштиришлар ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 2024 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жисмоний ва юридик шахслардан жами 92 та мурожаат келиб тушган. Шундан, барча мурожаатлар ўрганилиб, эгаларига асосли жавоблар берилган.
Шунингдек, ушбу даврда жисмоний ва юридик шахслардан жами 83 та мурожаат келиб тушиб, шундан, 75 таси ўрганилиб, мурожаат эгаларига асосли жавоблар берилган бўлса, 8 та мурожаат тегишлилиги бўйича ҳал этиш учун бошқа идораларга юборилган.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва Нукус туманлараро маъмурий суди раисларининг сайёр ва суд биносида ўтказилган қабулларида жами 365 нафар фуқаро, шундан 87 нафар фуқаро сайёр қабулда, 269 нафар фуқаро ва юридик шахслар вакиллари суд биносида қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида корхона, муассаса, ташкилотлар, ўқув юртлари ва аҳоли ўртасида жами 387 маротаба учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Бунда оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 264 маротаба мақолалар эълон қилинган, телевидение ва радиода чиқишлар ташкил этилган.
Бироқ, бу ишлар бугунги кунда олдимизга қўйилаётган талабларга тўлиқ жавоб беради, деб бўлмайди.
Шу боис, Президентимиз томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилиб, масъулиятни виждонан ҳис этиб, халқ ичига кириб, уларнинг муаммоларини тинглаб, халқ билан кўпроқ учрашиш судьялар учун устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.
Ушбу масалада сайёр суд мажлисларининг тарбиявий аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Суднинг очиқлигини таъминлаш қанчалик давр талаби масаласи экани ҳаммамизга маълум. Чунки, бир томондан судлар жамоатчилик орасида бўлса, иккинчи томондан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга катта ёрдам беради.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судларининг судьялари ўз зиммаларига юклатилган масъулиятли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажариб, ҳар қандай ҳолатда ҳам холис ва адолатли бўлишга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга бор куч-ғайратини сафарбар этиши таъминланади.
А.Нурлипесов,
Қорақалпоғистон Республикаси
маъмурий суднинг раиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги