Ўзбекистон ва Вьетнам: ҳамкорликка оид конструктив мулоқот ва қўшма ташаббуслар қўллаб-қувватланади

307

Олий Мажлис Сенатида Вьетнам Социалистик Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ле Тхи Тху Ханг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Вьетнамни Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири сифатида кўради. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Учрашув давомида томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш бўйича фикр алмашди. Шу муносабат билан икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда парламент дипломатиясининг, жумладан, Сенатнинг роли ошиб бораётгани қайд этилди.

Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Вьетнам парламенти раҳбарлари ҳам иштирок этишга катта қизиқиш билдиргани айтиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида конструктив мулоқот ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА