Ҳаво сифатини мониторинг қилиш ва яхшилаш бўйича ҳамкорлик

333

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Жаҳон банкининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий офатлар хавфини бошқариш, ер ресурсларини барқарор ривожлантириш бўйича глобал директори Самеҳ Ваҳба билан учрашди.

Учрашувда томонлар ирригация, ландшафтларни тиклаш ва ҳаво ифлосланишини назорат қилиш соҳаларига сармоя киритиш борасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Марказий Осиёда ер деградацияси, чўлланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашга қаратилган RESILAND лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур лойиҳа Жаҳон банкининг минтақа экотизимларини барқарор ривожлантириш ва муҳофаза қилиш стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.

С.Ваҳба вазирга Жаҳон банкининг “Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини баҳолаш” ва вазирлик мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштириш бўйича йўл харитаси” ҳисоботларини тақдим этди. Жаҳон банки  шунингдек, ҳаво сифатини мониторинг қилиш ва яхшилаш борасида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар бузилган ландшафтларни тиклаш, экотуризмни ривожлантириш ва маҳаллий ҳамжамиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилишига умид билдирди. Атмосфера ҳавоси мониторинги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА