Озарбайжон Президенти нефть-газ компаниялари раҳбарларини қабул қилди
“Ўзбекнефтгаз“ АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда Боку шаҳрида нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш, саноат хавфсизлиги ва харидлар мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда минтақанинг йирик нефт ва газ компаниялари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Конференция доирасида 4 март куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев нефть ва газ компаниялари раҳбарларини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик жадал ривожланаётгани таъкидланиб, соҳадаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида кўп томонлама ҳамкорликнинг стратегик аҳамияти қайд этилди. Ишлаб чиқариш ва технологик ечимларни жорий этиш, шунингдек, энергетика соҳасида технологик аварияларнинг олдини олиш ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро конференция давомида нефть ва газ соҳасини рақамлаштириш, хавфсизликни кучайтириш ва аварияларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор келишувлар имзоланди.
Қайд этилганидек, ушбу келишувлар соҳада замонавий технологияларни жорий этиш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА