Юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун

Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йилда адолатли судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 2024 йил давомида 3020 та шахсга нисбатан 2323 та жиноят иши кўрилиб, олдинги йилнинг шу даврига нисбатан шахслар сони 452 тага, яъний 17,6 фоизга, ишлар сони 366 тага, яъний 18,7 фоизга кўпайган.
Кўриб тамомланган жиноят ишларининг 70,9 фоизин ташкил этган 2144 нафар шахсга жазо тайинлаш билан айблов ҳукми, 0,7 фоизини ташкил этган 22 нафар шахсга ақлов ҳукми, 4,5 фоизини ташкил этган 138 нафар шахсга жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2,5 фоизини ташкил этган 77 нафар шахсга нисбатан шартли жазо белгиланди ва уларга нисбатан синов муддати белгиланди. 21,3 фоизини ташкил этган 644 нафар шахснинг ишлари тарафларнинг ўзаро ярашганлиги, жиноий аҳамияти камлиги сабабли қисқартирилди. 0,3 фоизини ташкил этган 9 нафар шахсга нисбатан тиббий мажбурий чоралар қўлланилди.
Айблов ҳукуми чиқарилган ишларнинг 26,3 фоизини ташкил этган 577 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 31,4 фоизини ташкил этган 688 нафар шахсга озодликни чеклаш, 29,2 фоизини ташкил этган 17 нафар шахсга тузатиш иши, 8,8 фоизини ташкил этган 193 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди.
Юқори кўрсаткичларга эга бўлган жиноят ишлари талқин қилинганида, ўғирлик жинояти 14,4, фирибгарлик жинояти 15,7, транспорт воситаларини ҳаракати ёки ўлардан фойдаланиш қоидаларини бузиш жинояти 16,7 фоизга ошди.
Бундан ташқари, судлар томонидан 2024 йил давомида коррупция билан боғлиқ жами 561 нафар шахснинг қаршисига 316 та жиноят иши кўрилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 245 нафарга ёки 43,6 фоизга ошган.
Коррупцияга оид жиноятлар соҳалар кесимида қаралганда тадбиркорлик соҳасида 31,9, давлат улуши мавжуд корхоналар соҳасида 6,9 фоиз, банк соҳасида 4,4 фоиз, мактабгача таълим соҳасида 3,9 фоиз, халқ таълими соҳасида 3,2 фоиз, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида 2,8 фоиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида 2,5 фоиз, соғлиқни сақлаш соҳасида 2,5 фоиз, ҳокимликларда 1,06 фоизни ташкил этиб, бошқа соҳаларга нисбатан бирмунча кўпайганлиги кўринади.
Шу даврда коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида корхона, муассаса ва ташкилотларга кўрилган ишларнинг 44,9 фоизини ташкил этган 142 та алоҳида қарорлар чиқарилган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 12,8 фоиз, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 15,9 фоиз, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 41 фоизга кўпайган.
Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксариятини фирибгарлик (28,7%), растрата ёки талон-торож қилиш (13,8%), ўғрилик (11,6%) билан боғлиқ жиноятлар, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксариятини йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш (21,9%), ўғрилик (20,7%), фирибгарлик (13,6%) билан боғлиқ жиноятлар, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксариятини ўғрилик (57,9%), йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш (9,5%), безорилик (8,4%) билан боғлиқ жиноятлар ташкил этган.
Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2024 йил давомида жами 35238 нафар шахсга нисбатан 32594 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан шахслар сони 6030 нафарга ёки 20,6 фоизга, ишлар сони 5626 нафарга ёки 20,9 фоизга кўпайган.
23499 нафар шахс қаршисидаги 21810 та иш бўйича маъмурий жазо чораси қўллаш тўғрисида қарорлар чиқарилган бўлса, 11739 нафар шахсга нисбатан 10784 та иш бўйича иш юритиш тугатилди.
Маъмурий жавобгарликка тортилган 17694 нафар шахсга жарима, 3 нафар шахсга мол-мулкни давлат фойдасига ўтказиш, 19 нафар шахсга махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 5739 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазо чоралари қўлланилди.
2024 йил давомида жазо тайинланиб қарор чиқарилган шахсларнинг 31,6 фоизига нисбатан МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, айбланаётган моддаси санкциясида кўрсатилган жазодан ҳам енгилроқ жазо чоралари қўлланилди.
Кўрсаткичлари ошган ҳуқуқбузарлик турлари таҳлил қилинганда майда безорилик 20,7 фоизга, автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш ишлари билан боғлиқ лицензиясиз шуғулланиш 18,8 фоизга, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик 13,1 фоизга, масалан, транспорт воситаларини бошқариш 7,7 фоизга кўпайган.
Кўриб чиқилиши якунланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирув органлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан 866 та тақдимнома киритилди.
Судлар томонидан кўрилган жиноят ишларининг 32,8 фоизи, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 27,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Хабарингиз бор, қонун талабларига кўра, суд қарорларининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилади.
2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида жами 709 нафар шахсга нисбатан 453 та жиноят иши кўрилиб, шундан 71 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари бекор қилинди, 100 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари ўзгартирилди, кассация инстанциясида 134 нафар шахсга нисбатан 115 та жиноят иши кўрилиб, шундан 23 нафар шахсга нисбатан 0,7 фоиз суд қарорлари бекор қилинди, 30 нафар шахсга нисбатан 1 фоиз суд қарорлари ўзгартирилди. Тафтиш инстанциясида 294 нафар шахсга нисбатан 228 та жиноят иши кўрилиб, шундан 33 нафар шахсга нисбатан суд қарори бекор қилинди, 46 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилди.
Апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари томонидан 16 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди.
Шунингдек, апелляция ва кассация инстанцияларида жами 739 нафар шахсга нисбатан 689 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўрилиб, 368 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилди, 282 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари бекор қилинди, 89 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари ўзгартирилди.
Судлар томонидан жиноятларнинг сабаблари ва уни келтириб чиқарган шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 1248 та алоҳида ажримлар чиқарилди ва тегишлилиги бўйича корхона, муассаса, ташкилотлар ва бошқа ўзини ўзи бошқариш органларига юборилди.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида корхона, муассаса-ташкилотлар, ўқув юртлари ҳамда аҳоли ўртасида жами 783 маротаба маърузалар қилиниб, учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.
Оммавий ахборот воситаларида 825 та, шундан телевидениеда 176 та кўрсатув, радиода 118 та эшиттириш ташкил этилиб, газета ва журналларда 72 та, веб-сайтларда 459 та мақола эълон қилинди.
Бундан ташқари, ишларни дастлабки тергов даврида ва судда кўришда йўл қўйилаётган хато-камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик, суд амалиётини шакллантириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 207 маротаба умумлаштиришлар ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга 202 та тақдимнома киритилди.
Албатта, бош мақсадимиз – одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Чунки, юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун туради.
А.Адилов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги