Қишлоқ хўжалигида суғурта тизими жорий этилади

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси ўрин олган.
Дастлаб “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Мазкур қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда табиий офатлар, ёнғин, ўсимликларнинг касалликлар ва зараркунандалардан талафот кўриши, чорва ҳайвонларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши бўйича суғурта шартномаларини тузиш кўзда тутилмоқда, — деди депутат Абдуманноп Бўриев. — Шунингдек, қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида нормаларни тўғри баён этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришда суғурта имтиёзларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасида халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, мазкур соҳада мувофиқлаштирувчи давлат органининг вазифаларини аниқ кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, суғурта тизимини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги суғуртаси ахборот тизимини жорий этиш ва унда маҳсулот етиштирувчи ва қишлоқ хўжалиги суғуртаси фаолиятига оид барча маълумотларни жамлаш ва ахборотлар алмашиниш имконини яратиш, соҳадаги суғурта ҳодисаларини ўрганишда мустақил экспертларни жалб этиш ва уларнинг мустақиллигини таъминлашга оид нормалар ўз аксини топган.
Лойиҳада қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, жамғарманинг даромадлари ва харажатлари, суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар, суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар беришнинг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланмоқда.
Моддама-модда муҳокамалар давомида депутатлар айрим нормалар бўйича савол ва таклифларни ўртага ташлади. Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда суғурталаш тизими жорий этилади ва маҳсулот етиштирувчиларга қулай шарт-шароитларни яратишга, қишлоқ хўжалиги экинларига хавф-хатарлар туфайли зарар етган ҳолларда зарарнинг ўрнини қоплашнинг ҳуқуқий асоси яратилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА