Хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида

325

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

ЎзЛиДеП ҳам юртимиз аёлларининг ўз ҳаётидан рози яшашлари учун барча шароитларни яратиш йўлида қатор самарали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Партиянинг мана шундай лойиҳаларидан бири бўлган “Саломатлик сари” ҳамда “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи” лойиҳалари   доирасида ўтказилган навбатдаги “O‘zLiDeP онкологик касалликларга қарши” акцияси Нукус шаҳар «РЕАЦЕНТР НУКУС» хусусий тиббиёт муассасасида ташкил этилди.

Ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида касалликларни эрта босқичда аниқлаш, соғломлаштириш ишларини яхшилаш, юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган мазкур тадбирда Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Замира Айтбаева, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг битирувчи талаба қизлари ва тиббиёт ходимлари иштирок этишди.

– Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, даво муолажаларини белгилаш, соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб бориш, шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилани мустаҳкамлаш, низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш, соҳада кадрлар  малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ишлар самарадорлигини оширишдир, – дейди депутат Замира Айтбаева.

Тадбир давомида аёллар ва ўсмир қизлар фақат  тиббий кўриклардан  утиб  қолмасдан, мазкур тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Марказ болалар ўртасида учрайдиган неврология ва рефлексотерапия касалликлари, айниқса ҳозирда жамиятимизда кўп учраётган аутизм касаллигини даволаб, ёш оналарга тиббий ва маънавий маслаҳатлар бериб келмоқда.  Марказнинг дефектолог шифокори Зуҳра Сратдинованинг таъкидлашича, ҳозирда дунёдаги ҳар 88 та боланинг бирида аутизм кузатилиб, унинг келиб чиқиш сабабларидан бири бу – ҳомиланинг она қорнидалик даврида маълум бир турдаги оқсилларнинг етишмовчилигидандир.

Касалликнинг ҳозирги кунда аниқ давоси йўқлиги боис, шифокор аёллар ва ўсмир қизларнинг ўз саломатлигига эътибор қаратишларини, йилига 2 маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтиб туришларини сўраб қолди.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида оила чароғбони бўлган аёлнинг саломатлиги муҳим ўрин эгаллайди.  Хотин-қизларимизнинг саломатлигида эса, ўз вақтида ўтказилган тиббий кўриклар катта аҳамият касб этади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги