Сенатда элчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ва Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тамир Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад билан учрашди.
Унда икки давлат парламентлари ўртасидаги муносабатлар, жумладан, жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Миср парламенти делегациясининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди.
Меҳмонга бундай нуфузли тадбир Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилиши ва унда Парламентлараро иттифоққа аъзо бўлган 190 га яқин давлатдан қарийб 2 минг нафар парламент аъзолари иштирок этиши ҳақида маълумот берилди.
Т.Ҳаммад мазкур тадбирда иштирок этиш учун Миср Араб Республикаси Парламенти раиси бошчилигида 14 нафар делегация аъзоси Ўзбекистонга ташриф буюришини таъкидлади.
Томонлар Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси билан боғлиқ ташкилий масалалар бўйича фикрлар алмашди.
***
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Oрзигул Қозихонова Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рейнис Трокша билан учрашди.

Унда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва гендер зўравонликка қарши курашиш соҳаларида миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда мазкур йўналишда тегишли ташкилот ва идоралар билан музокаралар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг барча йўналишларда ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси таҳсинга сазовор эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Латвия элчиси хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, улар учун ўқувлар ташкил этиш, гендер таҳлил ўтказиш, статистик маълумотларни тўплаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА