“Оила ҳуқуқи” тарғибот ойлиги ўтказилади

АОКАда ташкил этилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 5 минг 472 нафар хотин-қизнинг оилалари билан ишлаш натижасида 2 минг 546 та оила яраштирилган. 2 минг 747 та оиладаги низолар бартараф этилган. 12 нафар аёл Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига юборилган.
Шунингдек, профилактик ҳисобда турган 489 нафар хотин-қизнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди, 624 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди, 196 нафарининг даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий муассасаларга жойлаштирилди.
271 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилиб, 73 нафар қиз таълим муассасаларига қайтарилди ва 25 нафари Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига юборилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш, оила-турмуш муносабатлари доирасида ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, хотин-қизларни ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилада ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида жорий йил 3-31 март кунлари “Оила ҳуқуқи” тарғибот ойлиги ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА