Ҳиндистонга хизмат сафари натижали бўлди

327

Тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажрибани юртимизга олиб кириш бўйича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил 20-25 феврал кунлари оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Курбонов бошчилигидаги делегация аъзолари Ҳиндистон давлатида хизмат сафарида бўлди.

Юртимиздан ташриф буюрган делегация аъзолари кўпчиликка маълум «Шарда Ҳоспитал» клиникаси директори жаноб Гопта томонидан илиқ кутиб олинди ва у ерда тажрибали шифокорлар ва бошқа мутахассислар билан фикр алмашиб, клиникада яратилган имкониятлар билан танишиб чиқди.

Шунингдек, вазир М.Курбонов хизмат сафари давомида «Шарда Ҳоспитал» клиникаси директори жаноб Гопта билан соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик бўйича Меморандум имзолади.



– Меморандумга асосан юртимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилади. Яъни, шундай масофавий ҳамкорликлар доирасида, хорижий тиббиёт тажрибасини юртимизда қўллаш ва тиббиёт ходимларини чет элларда ўқитиб, тажрибаларини ошириш кўзда тутилган. Шундай экан, бундай хизмат сафарлари бир томондан хорижий ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш бўлса, иккинчи томондан тиббиёт туризмининг ривожланишига сабаб бўлади. Албатта, ривожланган тиббиёт бор жойда, беморлар учун ҳам ҳар томонлама имкониятлар яратилади. Мамлакатимизда тиббиёт қанчалик ривожланса, фуқаролар учун қулайликлар бўлади,-дейди вазирликнинг инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни ривожлантириш сектори бош мутахассиси Замира Палуаниязова.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги