Иқтидорли талаба-ёшлардан умидимиз катта

309

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бугунги кунда жами 1072 та профессор-ўқитувчи, хусусан, 47 та фан доктори (DSc) ва профессори, 376 та фан номзоди, фалсафа докторлари (PhD) ва доцентлар илмий-педагогик ишларни амалга оширмоқда.

Университетда илмий салоҳият 39,5 фоизни ташкил этади. Ушбу илмий салоҳият кўрсаткичин ошириш мақсадида ўтган 2024 йил давомида 76 та, жумладан, 8 та фан доктори (DSc) ва 68 та фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди. 2024 йилда университетда амалга оширилган илм-фан ва инновацион йўналишлардаги ишлар ва 2025 йил – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури бўйича олдинда турган муҳим вазифалар тўғрисида университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, география фанлари доктори, профессор Изимбет Турдимамбетов  қўйидаги маълумотларни берди:

– Ҳозирги вақтда университет ҳузурида техника, биология, тарих, иқтисодиёт, қорақалпоқ филологияси, қиёсий филология, ҳуқуқшунослик, архитектура каби тегишли мутахассисликлар бўйича илмий даражалар берувчи жами 11 та илмий кенгаш фаолият юритиб келмоқда.

Ушбу илмий кенгашларда 2024 йил бошидан шу кунгача 87 та диссертация ҳимоя қилинди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида университетнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, илмий-педагог кадрлар тайёрлашдаги улушини кенгайтириш мақсадида университет ёнида янги бир илмий кенгаш, яъни 18.00.01 – Архитектура назарияси ва тарихи. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва тиклаш ихтисослигидан архитектура фанлари бўйича илмий даражалар берадиган Илмий кенгаш тузилди.

Шунингдек, университетда ўтган йил давомида 28 та фан мутахассисликлари бўйича докторантура институтида жами 243 нафар, шундан 221 нафар таянч докторант, 5 нафар докторант, 12 нафар мустақил изланувчи ва 5 нафар стажёр-тадқиқотчи таҳсил олган бўлса, 2025 йил бошидан 32 та фан мутахассисликлари бўйича докторантура институтида жами 318 нафар, шундан 259 нафар таянч докторант, 9 нафар докторант, 46 нафар мустақил ва 4 нафар стажёр-тадқиқотчи таҳсил олмоқда.

2024 йил давомида университет профессор-ўқитувчилари томонидан Scopus ва Web of Science халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда жами 169 та мақола, жумладан, Scopus халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда 139 та мақола ва Web of Science халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда 30 та мақола, ОАК (олий аттестация комиссияси) рўйхатидаги Республика илмий журналларида 1134 та, ОАК рўйхатидаги импакт фактори юқори бўлган бошқа хорижий илмий журналларда 708 та мақола, халқаро конференция материаллари тўпламларида 1222 та тезис, республика конференция материаллари тўпламларида эса 1207 та тезис нашр этилди, шу билан бирга, 148 та монографиялар чоп этилди.

Университетда 2024 йил бошидан шу кунгача давлат илмий-техник дастурлари доирасида жами қиймати 2 млрд. 650 млн. 914 минг сўмлик 8 та амалий, инновацион, стартап ва халқаро грант лойиҳалари ҳамда инвестиция дастури доирасида махсус битта илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилиб, улар бугунги кунда давом этмоқда.

2024 йилда тармоқлар буюртмаси асосида 629,5 млн. сўмлик 42 та хўжалик шартномаси амалга оширилди.

2024 йилда саноат намунаси, фойдали модель ва ихтиролар учун 7 та патент, ахборот-коммуникация технологияларига оид дастурлар ва электрон маълумотлар базалари учун 229 та муаллифлик гувоҳномаси олинди.

2024-2025-ўқув йилида университетнинг иқтидорли талабаларидан 51 талаба, шундан 36 талаба давлат ва турли махсус стипендиялар ҳамда грантлар (жумладан, 2 талаба Президент стипендияси, 1 талаба Президент гранти, 8 талаба Навоий, 3 талаба Беруний, 2 талаба Улуғбек, 1 талаба Ислом Каримов, 1 талаба Тўлепберген Қайипбергенов, 1 талаба Ибройим Юсупов, 1 талаба Паҳлавон Маҳмуд, 1 талаба Бобур, 1 талаба Камолиддин Беҳзод, 2 талаба Т.Саримсоқов номидаги ва 12 талаба Бердақ номидаги) танловларида, шунингдек, 15 талаба халқаро ва республика (жумладан, 10 талаба халқаро ва 5 талаба республика фан олимпиадалари ғолиби, шу билан бирга, 8 талаба (3 талаба «TechnoWays» технологик ривожланиш марафони танлови ғолиби, 3 талаба «Мирзо Улуғбек ворислари» танлови ғолиби, 1 талаба «Бўлажак олим» танлови доирасида ўтказилган «Аёллар бизнесига биринчи қадам» илмий ғоялар танлови, 1 талаба стартап лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши танлови ғолиби) стартап ва турли лойиҳалар танловлари ғолиблари бўлди.

Жумладан, таъкидлаш жоизки, 2024 йил 3-8 март кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги II Халқаро фан олимпиадасида ва Университет талабалари учун халқаро очиқ математика олимпиадасида (Open Mathematical olympiad fo University students (OMUS-2024)) Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан жами 10 нафари, хусусан, 3 нафар талаба олтин, 3 нафар талаба кумуш, 4 нафар талаба бронза медалини қўлга киритди.

Университетнинг иқтидорли талабалар жамоаси ушбу олимпиадаларда жамоавий ҳисобда фахрли биринчи ўринни эгаллади. 1 талаба математика фани бўйича Қори-Ниёзий номидаги республика фан олимпиадасида 3-ўрин соҳиби бўлди.

Университетимизда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 20 мартдаги махсус буйруғига мувофиқ жами 14 та, хусусан, 5 та халқаро ва 9 та республика миқёсидаги конференциялар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги «Машҳур қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорининг 3-банди билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 26 октябрь куни университет томонидан «Ажиниёз Қосибой ўғли – қорақалпоқ адабиётининг фахри» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиб, уни юқори савияда ўтказишга ҳаракат қилинди.

Университет томонидан 2025 йилда жами 21 та, жумладан 6 та халқаро ва 15 та республика миқёсида конференциялар ўтказилиши режалаштирилган.

Хусусан, март ойида «Барқарор ривожланиш учун кимё ва озиқ-овқат технологиялари соҳасидаги замонавий илмий-технологик ва таълим бўйича ҳамкорликлар,» май ойида «Талабаларни бирлаштириш: фанлараро халқаро тадқиқот ва ҳамкорлик,» «Маданиятлар кўчаси чорраҳасидаги Жанубий Оролбўйи цивилизацияси тарихи,» июнь ойида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик маданиятни юксалтириш масалалари,» ноябрь ойида «Ҳозирги қорақалпоқ филологиясининг долзарб масалалари (Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигига 90 йил тўлиши муносабати билан),» декабрь ойида «Халқаро тажриба: Электр энергиясини ишлаб чиқаришда чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 15 дан ортиқ республика миқёсида долзарб масалаларга бағишланган анжуманлар ташкил этиш бенлгиланган.

2025 йилда амалга оширилиши белгиланган энг муҳим режалардан бири университетда илмий салоҳият кўрсаткичини 43 фоизга етказишдир. Университет ёнида университет ва Жанубий Кореянинг Yong IN SON компанияси (Young IN SN Co.LTD.) ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум асосида умумий қиймати 10 млн. АҚШ долларига тенг бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси учун асбоб-ускуналар мажмуасини университетда қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Ёзиб олган: А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги