«Йош» иқтидорли ёшлар учун катта маҳорат мактаби

510

Республикамизда иқтидорли ёшлар ўзларининг эстрада қўшиқчилиги йўналишидаги қобилиятларини юзага чиқариши учун ташкил этилган «Йош» лойиҳасининг 1-мавсуми якунланиб, 2-мавсуми ўз ишини бошлади. Лойиҳанинг 1-мавсум ғолиби, иқтидор егаси, маҳоратли ижрочи Азим Қалбаев билан суҳбатлашдик.

– Мусиқага қизиқишингиз қачон бошланди?

Мен болаликдан қўшиқ айтишга, асбоблар чалишга қизиқар эдим. Ҳар куни онамга «якка концерт дастурим»ни кўрсатиб, у мендан фахрланиб: «Менинг болам халқ яхши кўрган, катта қўшиқчи бўлади» деб айтган гапларини эшитиб ҳурсанд бўлиб қолар эдим. Мусиқага қизиқишимни кўрган онам мени 3-синфда Есжан Бақсы номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига, рубоб бўлимига ўқишга олиб борди. У ерда 9-синфгача рубоб асбобини чалишни ўрганиб, мусиқий билимимни назарий жиҳатдан бойитдим.

6-синфда Нукус шаҳар Маданият бўлимининг «Арзыў» эстрада халқ ансамблига қатнаша бошладим. Дастлаб Қорақалпоқ халқ кўшикларини ижро этардим. 11-синфни тугатиб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг Кўркам санъат факультети Вокал ижрочилиги бўлимига ўқишга кирдим. 2019-2023-йиллар давомида ўша ерда ўқиб, вокал ижроси бўйича барча билимларни олишга ҳаракат қилдим. Талабалик давримда мусиқага бўлган қизиқишим янада ошди.

– Устозларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз?

Менинг биринчи устозим Есжан Бақсы номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида рубоб асбобини чалишни ўргатган инсон Мухтар Рахманов. Биринчи марта рубобда «Йош» кўшигини чалишни ўрганганман.

«Арзыў» эстрада халқ ансамблида менга Даўлет ака Дошимов устозлик қилган. Қорақалпоқ халқ кўшикларини ижро этиш бўйича барча билимларни берган. У жуда талабчан устоз бўлган. Абитуриентлик давримда опера ижрочиси Дарибай Хожабергенов тайёрлади ва шу инсоннинг меҳнатлари орқали талаба бўлишдек катта бахтга эришдим. Талабалик давримда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Қозоғистонга хизмат кўрсатган артист, тажрибали устоз, кучли опера ижрочиси Роза Қутекеева менга вокал ижрочилиги бўйича устозлик қилди. Мен улардан кўп билимлар олдим. Мени опера йўналишига қизиқтирди.

– «Йош» лойиҳасининг афзаллиги нимада деб ўйлайсиз?

Бакалаврни тугатиб, магистратурани Қозоғистонда давом эттирмоқчи эдим. Шахсий сабаблар билан бу режам амалга ошмади. Кейин «Йош» лойиҳаси ҳақида рекламаларда кўриб қолдим. Барча ёшлар ушбу лойиҳа ҳақида гапирар эди. Мен ҳам қизиқиб, декабр ойида бўлиб ўтган кастингда иштирок этдим. Кастингда 153 ёш ижрочи қатнашган бўлса, улардан 20 нафари танлаб олинди. Мен ҳам улар орасида бўлдим. Бу мен учун катта бахт эди. Танлаб олинганлар орасида Зарима Махсудова, Шираз Пиралиев, Хурлиман Мухаммадалиева каби иқтидорли кўшикчилар бор эди. Ҳар бирининг ўзгача овозлари бор эди.

6 босқичда «Беллашувлар» бўлиб ўтди. Мен 1-босқичда Димаш Қуйбергеннинг «If I never breathe again» кўшиғини, 2-босқичда Даўлет Атажановнинг «Муҳаббатингдан», 3-босқичда иштирокчи Хурлиман Мухаммадалиева билан Севара Назархон ва Рашид Халиковнинг «Бир кам дунё» ва Мақсет Өтемуратовнинг «Кеўил», 4-босқичда Шаманнинг «Ты моя», 5-босқичда Imagine Dragonsнинг «Believer» ва Ислам Муратпаев билан дуэт «Аямадим», финал босқичда Бегзад Алланязовнинг «Келмадинг» ва қозоқ халқ кўшиғи «Дайдидав» кўшиқларини ижро этдим.

Финалда 7 иштирокчи қолди. Ҳар босқичда «қизил ҳудуд»га тушган иштирокчилар лойиҳани тарк этди. Унда Аллоҳнинг иродаси билан биринчи ўринни эгалладим. Барчаси устозларимнинг берган билимлари ва қизиқишимнинг натижаси деб ўйлайман. Ҳар куни кучли тайёргарлик олиб бордим. Университетни тамомлаган бўлсам ҳам, ўша ерда студентлардан кейин тайёргарлик кўришни давом эттирардим. Лойиҳа давомида репертуар танлашда кўп ўйланиб қолардим, бундай вақтларда менга онам, устозларим, дўстларим кўп ёрдам бердилар.

Ростини айтсам, ғолиб бўламан деб ҳеч ўйламаган эдим. Мақсадим халқнинг эътиборига тушиб, ўзимнинг санъатимни кўрсатиш эди. Ғолиб бўлганимдан жудаям хурсандман.

– Меҳнатнинг меваси деганда нимани тушунасиз?

«Ватаннинг ривожланишига менинг ҳиссам» танловининг республика босқичида биринчи ўринни, «Дилларда Ватан мадҳи» танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб 5 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланганман. Кейин, ушбу танловнинг Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиб, 3-ўринни эгаллаб, 8 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланганман.

Шунингдек, «Ботир Зокиров» танловининг республика босқичида 2-ўринни қўлга киритдим ва Ўзбекистон Республикаси босқичида кучли ўнликка кирдим. Қорақалпоқистон телеканалидан эфирга узатилган «Талант шоу» танловида 1-ўрин ғолиби бўлдим. Бундан ташқари кўплаб танловларда иштирок этиб совринли ўринларни эгаллаганман. Меҳнатнинг меваси, эришилган ютуқларда, деб тушунаман.

Келажакда билимларимни, талантимни янада ошириб, дунё бўйлаб танловларда иштирок этиб, Ватанимизни дунёга танитишни ўзимнинг энг асосий мақсадим деб қўйганман.

Биз ёшларга шундай имконият яратиб берган раҳбарларга, лойиҳа ташкилотчиларига катта миннатдорчилик билдирамиз.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги