Узоқ овулларда ҳам мобил ўқув ташкил қилинади

470

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мобил малака ошириш хизматлари негизида ташкил этилган автобусларни ҳудудларга тарқатиш тадбири бўлиб ўтиб Тошкент шаҳридан ўз манзилларига йўлга отланган эди.

Мазкур мобил малака ошириш хизматлари республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун жорий этилган бўлиб, тажриба-синов тариқасида ушбу автобуслар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларига берилди.

Мобил малака ошириш хизматлари тўртта аудитория кўринишидаги қайта жиҳозланган автобуслар негизида ташкил этилган.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази учун ажратилган автобус Нукус шаҳрига етиб келди.

Марказда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Педагогик маҳорат маркази раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида ушбу автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли фармонига асосан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб тажриба-синов тарзида республиканинг узоқ ва четки ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларидаги педагог кадрлар учун мобил мутахассислик ошириш хизматларини жорий этиш белгиланган.

– Автобуслар бир вақтнинг ўзида 14 та педагогга дарслар ўтишда ўқув ўринлари,  10 та NR  маркали ноутбук, 1 дона 65 дюймли интерактив монитор, ёзув тахтаси, 1 та интернет тарқатувчи қурилма WI FI router билан қайта жиҳозланган. Бу автобусдан узоқ ва чекка ҳудудларда жойлашга давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил мутахассислик ошириш хизматларини кўрсатиш, яъний узлуксиз касблик ривожлантириш («методик маҳорат куни» ва «методик маҳорат дарси») тадбирларини тегишли ҳудудларга барган ҳолда ўтказиш, тренинг, семинар ва бошқа да тадбирларни ташкиллаштириш мақсадида фойдаланилади. Педагогларга яшаш ва иш жойларидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиши, билимларини янгилаб бориши орқали мактабгача таълимнинг сифатини ошириш имкониятлари яратилади. Автобуслар тренинглар, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш учун зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган,-дейди марказ директорининг ўринбосари Амирхан Қайипназаров.

Бу каби мобил автобус фаолиятининг йулга қуйилиши, албатта, узоқ овуллардаги мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган хотин-қизларнинг Нукусга овора бўлиб келиб, ҳафталаб малакасини ошириш дарсларига қатнашидан қутқариб, ўз оиласининг ёнида бўлишига ва бошқа маънавий, моддий зарарларнинг олдини олишига ёрдам беради.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги