Рамазон ойида 1 минг 743 масжидда хатми Қуръон тадбирлари ўтказилади

490

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2024 йилда 14 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилган ва бугунги кунда республика бўйича 2 минг 145 та масжид фаолият юритмоқда. 64 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 17 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланди. Айни пайтда республикамизда 198 та ноисломий диний ташкилот бор.

Ўзбекистон ва Кавказ мусулмонлари идоралари, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармалари, Туркиянинг Диёнат бошқармаси Фатво ҳайъатлари масъуллари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти вакили иштирокида онлайн йиғилишлар ташкил этилди.

Мулоқотларда 2025 йилда Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди. Фатво ҳайъатлари аъзолари ўртасида Рамазон ойининг биринчи куни 1 март, шанба кунига тўғри келиши бўйича бир овоздан якдил хулоса қилинди.

Ушбу фазилатли ойда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этишга, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экиш ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш каби вазифалар режалаштирилган.

Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, юртимиз мўмин-мусулмонларига ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда имом-хатиблар масъулиятини янада ошириш бўйича Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қўшма дастури ҳамда Медиа режа ишлаб чиқилди.

Жорий Рамазон ойида республикада фаолият юритаётган 2 минг 145 та масжиддан 1 минг 743 тасида хатми Қуръон тадбирларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА