Ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга БҲМнинг 60 бараваригача грантлар ажратилади
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олиш, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг ижтимоий адолат мезонига асосланган шаффоф ва рақамлаштирилган янги тизимини жорий этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратиш ҳамда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Инсон” марказлари томонидан оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида 102 турдаги профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 30 январдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Мазкур ҳужжат билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, 1 апрелдан бошлаб “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун тўланадиган ссуда ва субсидиялар ажратилади.
Шунингдек, камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментлари жорий этилади. Унга кўра, ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача грантлар ажратилади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ХДП фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштиришнинг янги механизмлари” мавзусидаги семинарда айтиб ўтилди.
Семинарда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари томонидан ҳудудларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва унда “Инсон” марказларининг ўрни, фаолияти ва уларда ижтимоий қатламга кўрсатиладиган 102 турдаги хизматлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА