Ўзбекистонда Омбудсман ташкил этилганига 30 йил тўлди

Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида “Тоза ва қулай атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафолати” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Конрад Аденауэр ҳамда Фридрих Эберт жамғармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилишида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаати, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилганини таъкидлади. Янгиланган Бош қомусимизда инсон хуқуқлари ҳимоясига қаратилган нормалар уч баравар кўпайтирилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда Омбудсман институти изчил фаолият юритмоқда.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен, Халқаро Омбудсман институти президенти Нашиели Эрнандез омбудсман институти – инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутишини, Ўзбекистонда бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Айниқса, қийноқ ҳолатларининг олдини олишда Омбудсман амалий ишларни йўлга қўйди. Глобал иқлим ўзгариши шароитида фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларига ҳам эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Шу жиҳатдан ўзаро ҳамкорликни давом эттирамиз, деди халқаро ҳамкорлар.
Айтиб ўтиш керакки, 1995 йил 23 февралда Омбудсман институти МДҲ давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда жорий этилган. Ўтган давр мобайнида бевосита фуқаролар мурожаатлари билан ишловчи Омбудсман фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмлари татбиқ қилинди.
Вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди ва фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилди. 2022 йилдан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда иш бошлади. Бу мурожаатларни жойида тезкорлик билан ҳал этилишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Аҳамиятлиси, Омбудсман фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳукумат эътиборини қаратиб келмоқда.
Халқаро тадбирда инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқликни акс эттириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва фуқароларнинг тоза муҳитда яшаш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган фикрлар илгари сурилди. Шунингдек, тадбирда хорижий давлатларнинг Омбудсманлари, миллий институтлар, ваколатли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, бугунги кунда экологик вазиятнинг кескин ўзгариши, ҳаво ва сув ресурсларининг ифлосланиши, тупроқнинг эрозияга учраши ва чўлланиш жараёнларининг кучайиши инсониятга жиддий таъсир ўтказмоқда. Биохилма-хиллик, ерости бойликлар ва ўрмонларнинг камайиб бориши табиий мувозанатни издан чиқишига сабаб бўлаётган омиллардандир. Бу эса, нафақат атроф-муҳитга, балки инсонларнинг кундалик ҳаёти, соғлиғи ва меҳнат шароитларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши сир эмас.
Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Сессияларда тоза ва қулай атроф-муҳитни таъминлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ва минтақавий ҳужжатларнинг ролини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Туркия, Венгрия, Мўғулистон, Италия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Қатар, Марокаш, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатлар тажрибалари кўриб чиқилди.
Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масаласи эътибор марказида бўлди.
Тадбир доирасида Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва тадбир якунида Тошкент резолюцияси қабул қилинди.
Омбудсман фаолиятига бағишланган китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.
Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА













