Ўзбекистон-Хитой: сармоя ва савдо алоқаларини ривожлантириш имкониятлари тақдим этилди

Тошкентда Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Чженчжоу шаҳридан хитойлик делегация ва ўзбек ишбилармонлари вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форумда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Унда сўз олганлар томонлар ўртасида манфаатли ишбилармонлик муҳитининг мустаҳкамланиб бораётгани қатор соҳалар, хусусан, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш ва таълим каби муҳим тармоқлар бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятини яратаётганини қайд этди.
Форумда айтиб ўтилганидек, муҳим табиий ресурсларга ва стратегик жиҳатдан қулай географик мавқега эга бўлган Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Бу эса Хитойнинг “Haoshangni Health Food Co., Ltd.” ва “Golden Beans Agriculture Co., Ltd.” каби компанияларининг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ҳажмини ошириш шароитини яратяпти. Бундай эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Осиёнинг энг йирик бозорига чиқиш имкониятини янада кенгайтиради.
Форумда автомобиль бутловчи қисмлари соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Хитойнинг экологик тоза қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Henan Hongju Group” компанияси Ўзбекистондаги қурилиш лойиҳаларига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди. Бу мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, “Henan Gaohui Education Technology Co., Ltd.” компанияси касб-ҳунар таълими ва тилларни ўқитиш соҳасида ҳамкорликни таклиф қилди. Бундай ташаббуслар ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш ва икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга кенг йўл очади.
Экспортни рағбатлантириш бўйича халқаро эксперт Улуғбек Камолиддиновнинг таъкидлашича, “Чженчжоу Хитойнинг йирик иқтисодий марказларидан бири сифатида Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор.
–Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва таълим каби соҳаларда ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўрмоқдамиз. Ўзбекистон томони сифатли маҳсулотлар ва бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитларни таклиф қилишга тайёр. Шунга кўра, ҳар икки томон форумда ўз имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказди. Албатта, бу учрашув келгусида амалий натижалар беради, –деди у.
Чжэнчжоу бозорини ривожлантириш маркази директори Лю Куйчжи сўзларига кўра, Хэнань провинциясида жойлашган Чженчжоу Хитойнинг асосий иқтисодий ва транспорт марказларидан биридир.
– Бу шаҳар бой тарихга эга ва Хитой цивилизациясининг бешиги ҳисобланади. 13 миллиондан ортиқ аҳоли ва ялпи ички маҳсулоти 1,45 триллион юандан ошадиган Чженчжоу йирик савдо ва сармоявий марказ сифатида жадал ривожланмоқда. Қулай бизнес муҳити ва BYD, SAIC ва Ant Group каби халқаро гигантларнинг мавжудлиги шаҳарни ҳамкорлик учун жозибадор қилади. Тошкент шаҳрида бизнес-форумнинг ўтказилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Келгуси йилларда сармоя киритиш ҳажми, ўзбек маҳсулотларининг Хитой бозорига экспорти янада ошиши кутилмоқда, – деди у.
Бизнес-форум якунида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича икки томонлама шартномалар имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА










