Олис ҳудудлардаги педагог кадрлар учун мобил малака ошириш автобуслари тарқатилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мобил малака ошириш хизматлари негизида ташкил этилган автобусларни ҳудудларга тарқатиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вазирлик масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини жорий этиш белгиланган.

Мактабгача ва мактаб вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, тажриба синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида мобил малака ошириш хизматлари йўлга қўйилмоқда.

Мазкур мобил малака ошириш хизматлари 4 та аудитория кўринишида қайта жиҳозланган автобуслар негизида ташкил этилади. Автобуслар бир вақтнинг ўзида 14 нафар педагогга машғулотлар ўтишга мўлжалланган ўқув ўринлари, 10 дона HP маркали ноутбук, 1 дона 65 дюмлик интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 дона интернет тарқатувчи қурилма (WI FI роутер) билан қайта жиҳозланган. Мазкур автобуслардан узоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантириш (“Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати”) тадбирларини тегишли ҳудудларга борган ҳолда тренинг, семинар ва бошқа шаклларда ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.

Педагогларга яшаш ва иш жойидан узоққа кетмаган ҳолда узликсиз касбий ривожланиш, билимларини янгилаб бориш орқали мактабгача таълим сифатини ошириш имкониятлари яратилади. Автобуслар тренинглар, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш учун зарур барча воситалар билан жиҳозланган.
Н.Усмонова, ЎзА