“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва ADCB молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

314

“Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзкимёсаноат” АЖлар раҳбарияти БААнинг «Abu Dhabi Commercial Bank» (ADCB) вакиллари билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда маҳаллий ташкилотлар томонидан эришилган натижалар, амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ва иқтисодий барқарорлик масалалари хусусида маълумот берилди.

Шундан сўнг томонлар кредитлаш ҳажмини ошириш, қайта тикланадиган кредит линияси яратиш ва шартномалар кўламини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Жамият ахборот хизмати қайд этганидек, “Abu Dhabi Commercial Bank” (ADCB) – Бирлашган Араб Амирликларидаги учинчи йирик тижорат банки бўлиб, 1985 йилда ташкил этилган. Ушбу молия институти нафақат Амирликларда, балки халқаро бозорларда ҳам фаолият юритади. ADCB корпоратив ва чакана банк хизматлари, инвестиция ва активларни бошқариш ҳамда суғурта хизматларини таклиф этади.

Банк минтақадаги энг йирик молиявий тузилмалардан бири сифатида Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Музокара чоғида ADCB вакиллари 2025 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг турли йўналишлардаги лойиҳаларини молиялаштиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, еврооблигациялар чиқариш, инвесторларни жалб қилиш ва молиявий операцияларни мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. ADCB ушбу жараёнларда нарх аниқлаш, тақдимотлар ташкил этиш ва инвестициявий келишувларни шакллантиришда иштирок этади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

 Н.Зиёдуллаева,
ЎзА