Кадастр ва қурилиш бўлимлари вакиллари билан семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2024 йил 3 декабрдаги топшириқ хатига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарлигида туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан жорий йилнинг 15 ва 17 январ кунлари очиқ мулоқот ўтказилди.
Ушбу топшириқнинг ижросини давом эттирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг топшириқ хатига асосан жойлардаги туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ва юристлари билан биргаликда бугунги кунда долзарб бўлган ўзбошимчалик билан қурилган қурилишлар ҳамда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид масалалар бўйича семинар йиғилишини ўтказиш белгиланган.
Шунга асосан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари вакиллари билан биргаликда семинар йиғилиши ташкил этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси Р.Худайберганова 2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан қурилиш бўлимларининг маъмурий ҳужжатини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини(ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишлар бўйича манфаатдор шахслар аризаларининг қаноатлантирилишига асос бўлган ҳолатлар ҳақида айтиб ўтди.
Шунинг билан бирга, қурилиш бўлимлари томонидан йўл қўйилган хато-камчиликлар ҳамда амалиётда учраётган муаммолар ҳақидаги масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда кун тартибидаги кейинги масала-Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси Г.Байназарованинг маърузаси тингланди.
Семинар йиғилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги «Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 28-сонли қарорининг мазмун-моҳияти бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси З.Бабаджанованинг ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг ер участкаларини ижарага бериш шартномаларини бекор қилиш ва ер участкаларини олиб қўйиш ҳақидаги даъволари бўйича ишларнинг иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиш билан боғлиқ суд амалиёти бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди судьясиУ.Сабировнинг маърузалари тингланди.


Семинар давомида кадастр ва қурилиш бўлимлари вакилларининг ўзларини қизиқтирган саволларига судьялар томонидан жавоблар берилди. Келгусида бундай турдаги семинар йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш, юзага келаётган муаммолар бўйича амалдаги қонунчиликка таклифлар киритиш борасида келишиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги