Тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг Ягона реестри юритилади

Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг март ойидан бошлаб тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг Ягона реестри юритилади. Ушбу реестрда маълумотлар давлат ва хорижий тилларда шакллантирилиб, доимий равишда янгиланиб борилади ҳамда тиббий туризм йўналишида ташриф буюрадиган хорижий турист, маҳаллий аҳоли ва туристик ташкилотларга фойдаланиш мақсадида тақдим этилади.
Ягона реестрдаги маълумотлар очиқ бўлиб, тиббиёт йўналишида фаолият олиб бораётган давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари Туризм қўмитаси ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумотларни тақдим қилиш орқали Ягона реестрга киради.
Реестрга киритилган тиббиёт муассасалари хизматларидан туристлар фойдаланиб, кўрсатилган хизмат юзасидан ўз муносабатларини қолдиради ва шулар асосида тиббиёт ташкилотларининг рейтинги шаклланади. Ягона реестрга киритилган ҳамда рейтингда юқори балл олган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларига бир қатор қўллаб-қувватлаш тадбиқ этилади.
Жумладан, рейтингда юқори балл олган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг хизматлари ҳамда маҳсулотларини хорижий мамлакатларда тарғиб қилиш учун босма ва видео маҳсулотларни тайёрлаш харажатлари Туризм қўмитаси томонидан қоплаб берилади.
Ягона реестр Туризм қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-саҳифалари ҳамда туристик порталларга жойлаштирилиб борилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА