Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирлари учрашди

329

Ўмон Султонлиги ахборот агентлиги ONA ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад Ал-Бусаидий ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан учрашганини ёритди. Мулоқот Саййид Бадрнинг юртимизга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган.

Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг барча жиҳатларига эътибор қаратилиб, турли соҳаларда алоқалар кўламини кенгайтириш йўллари муҳокама қилинган. Иқтисодий, савдо ва сармоявий соҳаларда ҳамкорликни таълим, маданият, туризм, қайта тикланадиган энергия йўналишларида ривожлантиришга ўзаро интилиш тасдиқланган. Инфратузилма ва логистика бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш имкониятлари кўриб чиқилган.

Томонлар умумий манфаатга дахлдор минтақавий ва халқаро муаммоларга ҳам тўхталиб, барқарорлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланишга эришиш учун маслаҳатлашув ва мувофиқлаштириш механизмини кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА