Болалар омбудсманининг маърузаси тингланди

252

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Мазкур маъруза Болалар омбудсманининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этадиган биринчи маърузаси бўлиб, унда мамлакатимизда бола манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунчилик хужжатларининг амалга оширилиши, давлат органлари шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка риоя этиш ҳолати бўйича маълумотлар акс этган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга доир фаолияти “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1064 та мурожаат келиб тушган. Бу 2023 йилга нисбатан солиштирганда, мурожаатлар салмоғи 2,4 бараварга ошганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, боланинг манфаатларини таъминлашга қаратилган норма ижодкорлиги фаолиятига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан 46 та қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари кўриб чиқилиб, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар юборилган.

Депутатлар сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат бола ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўзининг самарали ифодасини топаётганини алоҳида қайд этдилар. Шундан келиб чиқиб, Болалар омбудсманининг 2024 йилдаги фаолияти ҳақидаги маърузасини бир овоздан маъқуллади.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА