Ўзбекистон ва БАА таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
321

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида БАА Шаржа амирлигида жойлашган “Ал-Қосимия” университети ректори Аввад Ал-Халаф билан музокара бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар IT, маркетинг ва ахборот технологиялари соҳасида изчил ҳамкорлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилди.
Палата раисининг биринчи ўринбосари Даврон Қурбонов сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, чет эл инвестициясини жалб этишга қаратилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида Аввад Ал-Халаф иқтидорли ўзбек талабалари, тадбиркорларини қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдириб, бакалавриат ва магистратура учун грант ажратиш орқали таълим олиш имкониятини кенгайтириш ниятини билдирди.
Шунингдек, биргаликда таълим маркази ташкил этиш мавзуси ҳам кўтарилди. Ушбу мажмуа ёшларимиз – келажак тадбиркорларининг билими, малакасини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Севинч Зоирова, ЎзА