Ўзбекистон радиоактив чиқиндиларни бошқаришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

309

Шу кунларда Австриянинг Вена шаҳрида Атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) томонидан “Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш ва ядровий объектларни фойдаланишдан чиқариш тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш“ мавзусида минтақавий тадбир ўтказилмоқда.

Унда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ходими Отабек Эшмуродов иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад МАГАТЭга аъзо давлатларнинг радиоактив чиқиндилар, ишлатиб бўлинган ёпиқ ионлаштирувчи нурланиш манбаларини назорат қилиш ва ядровий объектларни халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқ фойдаланишдан чиқариш бўйича меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.

28 февралга қадар ўз ишини давом эттирадиган ушбу тадбирда қатор масалалар юзасидан муҳокамалар ташкил этиляпти.

Қўмита ахборот хизматининг хабар беришича, 17-21 февраль кунлари Вена шаҳрида МАГАТЭ томонидан ташкил этилган “Радиоактив чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси билан муомалада бўлиш ва кичик модулли реакторларни (КМР) фойдаланишдан чиқариш“ мавзусидаги техник йиғилиш ҳам бўлиб ўтди. Унда ушбу ташкилотнинг Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ходими Жалил Юсупов эксперт сифатида иштирок этди.

Йиғилишда МАГАТЭга аъзо давлатларнинг радиоактив чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси билан муомала тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди. Шунингдек, бу жараёндаги техник, хавфсизлик ва меъёрий жиҳатларни муҳокама қилиш, КМРларни объект фаолиятининг барча босқичларида фойдаланишдан чиқариш масалалари таҳлил қилинди.

Қўмита ахборот хизматига кўра, тадбир давомида радиоактив чиқиндилар билан муомалада хавфсизликни таъминлаш, КМРларни жойлаштириш учун инфратузилма эҳтиёжларини шакллантириш, ахборот алмашиш учун халқаро платформа яратиш ҳамда КМР дизайнерлари ва тегишли ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА