Чевар хотин-қизларнинг тажрибалари ўрганилди

Шуманай туманида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова, туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Т.Қаллиқличева, Беруний ва Тахиатош туманларидан келган тадбиркор аёллар, овул ва маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоллари иштирокида «Сайхунобод тажрибаси» мисолида кўргазмали семинар ўтказилди.
Мақсад – хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришдан иборат.
Семинарда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид қабул қилинган қарорлар асосида, Навруз, Айбуйир ва Моншақли маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар тадбиркорлиги тажрибалари намойиш этилди.
Навруз маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Базаргул Бекбосинова ўз томорқасида иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар ва қўзиқорин етиштириш бўйича тажрибаси билан бўлишди.
2024-йил «Моҳир қизнинг ҳунари» грант танлови ғолиби Гулмира Жадигерова тикувчилик цехини кенгайтириб, хотин-қизларни бепул тикувчиликка ўқитиб келмоқда. Тадбирда Моншақли маҳалла фуқаролар йиғинида «Ҳунарманднинг қўли гул» грант лойиҳаси ғолиби Алтинай Наўбетованинг ҳам қўй жунидан тайёрланган маҳсулотлари намойиш этилди.


Семинарда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган амалий тажрибалар, муваффақиятли лойиҳалар ва грантлар ҳақида маълумот берилди. Тадбир иштирокчилари ўзлари учун фойдали бўлган янги билим ва ғоялар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги