Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2025 йилнинг 22 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг учинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент шаҳри, 2024 йил 15 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошланди.
Таъкидланганидек, мазкур Битимда икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган асосий устувор йўналишлар белгиланмоқда.
Жумладан, Битимда кўламдор мақсадларни кўзлаган таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва маданий мерос, туризм, спорт каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиёт, бошқарув, дипломатия ва туризм соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда халқаро шартномаларга мувофиқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш ҳамда хусусий секторлардаги қўшма корхоналарни ташкил қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда халқаро терроризм ва экстремизмга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлишига, уюшган жиноятчиликка, одам савдосига қарши курашиш ва уларни бартараф этиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирлаштириш бўйича аниқ ва режали чоралар белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Шундан сўнг “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланиб, у тегишли давлат органлари, фуқаролар ва жамоатчилик ўртасида экологик ахборотларни олиш ва улардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилганидек, халқаро мақомдаги ҳужжатнинг асосий мақсади – экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки билан боғлиқ ўзаро муносабатларни тартибга солиш ҳамда одил судловга эришишни таъминлашдан иборат.
Конвенцияда давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кенг жамоатчилик сўровига биноан ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби атроф-муҳит элементларининг таркибий қисмларига доир зарур маълумотларни тақдим этиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш белгиланган.
Сенаторларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳит соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб таъминлашга, хорижий ҳамкор давлатлар билан ҳамжиҳатликда экологик хавфсизликка эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижи ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Ялпи мажлисда кўриб чиқилган яна бир ҳужжат – “Ўзбекистон Республикаси билан Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонундир.
Ушбу Шартномада жиноий иш бўйича тергов ҳамда бошқа процессуал ҳаракатларни ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асослари ва шартлари кўрсатиб ўтилмоқда. Шунингдек, сўров шакли ва мазмуни, унинг ижросини таъминлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш асослари ҳамда Шартнома доирасида олинган маълумот ва далиллардан фойдаланишда чекловлар билан боғлиқ масалаларга аниқликлар киритилмоқда.
Қонун билан ратификация қилинаётган Шартномада шахсларнинг манзили ёки уларнинг шахсига аниқлик киритиш масалалари белгилаб қўйилмоқда. Сўраётган томон мурожаатига кўра сўралаётган томон ўз қонунчилиги доирасида сўровда кўрсатилган шахс сўралаётган томон ҳудудида эканлигига етарли асос мавжуд бўлганда уни топиш ҳамда шахсини аниқлашда зарур бўлган барча чораларни кўриши назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятининг жиноий ишларни тергов қилиш ва судда кўриш давомидаги самарадорлигини оширишга, шунингдек, Малайзия Ҳукумати билан жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қонуний асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, “Умумжаҳон почта иттифоқининг Уставига Ўнинчи қўшимча баённомани (Аддис-Абеба, 2018 йил 7 сентябрь) ва Ўн биринчи қўшимча баённомани (Абиджан, 2021 йил 26 август) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун билан ратификация қилинаётган баённомалар Умумжаҳон почта иттифоқига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ва халқаро почта алмашинувини ташкил этиш ҳамда самарали хизматларни барқарор ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, Умумжаҳон почта иттифоқи Уставига ратификация қилинаётган қўшимча баённомалар аъзо давлатларнинг почта операторлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларида Ўзбекистон манфаатларини ўз ваколатлари доирасида вакиллик қилиши ва ҳимоя қилиши белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Умумжаҳон почта иттифоқи фаолиятида самарали ва фаол иштирок этишига имкон беради.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан “Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Мажлисда ушбу ўзгаришларни амалга ошириш аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш, бунинг учун тегишли манзилларда муҳандислик-коммуникация тизимларини, шунингдек, ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Маълумки, 2023 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд шаҳрида “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Муҳокама қилинган масала ҳам айнан Самарқанд вилоятининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорнинг тўлиқ рўёбга чиқарилишида муҳим омил сифатида хизмат қилади.
Хусусан, аҳолининг уй-жой билан таъминлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, фуқаролар учун қулай бўлган жойда – Самарқанд шаҳридан ўтган Зарафшон дарёси қирғоғи бўйида, 15 км узунликдаги масофада қиймати 10 миллиард долларлик “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш мақсад қилинган.
Сенаторлар кўриб чиққан масалада Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Натижада амалдаги 252 гектардан иборат “Ширин” мавзеси ҳудуди кенгайтирилиб, жами 665 гектар майдонни ташкил этади.
Муҳокамалар жараёнида тасдиқланган мастер режа бўйича ҳудудда 180 минг аҳолига мўлжалланган жами 60 мингта хонадондан иборат 254 та кўп қаватли уй, 45 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши маълум қилинди.
Мазкур “Ширин” шаҳарчасида бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари аниқ режалаштирилган ва қурилиш ишлари 3 та босқичда олиб борилади.
Эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази тўлиқ барпо этилиши натижасида турли соҳаларда 50 мингга яқин аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади.
Сенаторларнинг якдил фикрига кўра, вилоятдаги чегараларнинг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ва энг асосийси, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 19 та масала, шу жумладан, 17 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати