Чиқиндиларни бошқаришда сифат назорати кучайтирилмоқда

Сўнгги йилларда чиқиндиларни бошқариш соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, аҳолига сифатли санитар тозалаш хизмати кўрсатиш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, санитар тозалаш корхоналари томонидан аҳоли ва юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматларни белгиланган тартиб ва меъёрларга мувофиқ бажарилиши устидан назорат кучайтирилди.
Назорат ишлари ва баҳолаш мезонлари
Ҳозирда санитар тозалаш хизмати сифати айрим давлат идоралари томонидан ўрганилмоқда. Бироқ бу жараёнда меъёрларга тўлиқ амал қилинмаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда сўровномалар ўтказиш, хизмат кўрсатилмаган ҳолларда “маҳалла еттилиги” ва истеъмолчилар иштирокида далолатномалар расмийлаштириш талаб қилинса-да, баъзи ҳолларда бу жараён тўлиқ бажарилмасдан баҳоланмоқда. Бу эса кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида агентлик Республика ишчи гуруҳини ташкил этиб, ҳудудларда хизмат сифати бўйича доимий текширувлар ўтказмоқда. Агар хизматлар ўз вақтида ва талаб даражасида кўрсатилмаган бўлса, абонентлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб амалга оширилмоқда. Шунингдек, ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган санитар тозалаш корхоналари билан тузилган битимлар бекор қилинмоқда.
Масалан, Навоий вилоятида хизмат сифатини таъминлай олмаган “Berejlivost” санитар тозалаш корхонаси билан тузилган битим бекор қилиниб, ҳудуд ҳамда махсус техникалар қайтариб олинди. Шунингдек, Тошкент вилоятида ҳам абонентларга тегишли даражада хизмат кўрсатмаган санитар тозалаш корхонаси билан шартнома бекор қилиниши кўриб чиқилмоқда.
Янги электрон тизим ва автоматлаштирилган назорат
Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида Чиқиндиларни бошқариш агентлиги бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича янги — “Тоза макон” электрон биллинг тизими жорий этилди.
Бу тизим доирасида чиқинди ташишга ихтисослаштирилган барча махсус техникалар “Тоза макон” ГПС электрон кузатув тизимига уланиб, онлайн мониторинг имконияти яратилди. Ҳозирда 3 мингдан ортиқ махсус техника мазкур тизимда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, Жиззах вилоятида синов тариқасида фаолият бошлади.
Шунингдек, Республика бўйича 9 мингдан ортиқ маҳалла ва 3 мингга яқин кўп қаватли уйлар учун қурилган чиқинди йиғиш шохобчаларининг аниқ географик жойлашуви ва кадастр маълумотлари шакллантирилмоқда.
Ушбу янгиликлар орқали махсус техникаларнинг чиқинди йиғиш майдончаларига кириш-чиқиш вақтлари аниқ ҳисоблаб борилади. Натижада қаттиқ маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилиши таъминланади ҳамда аҳоли фақат амалга оширилган хизматлар учун тўловни амалга ошириш имконига эга бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА