Ўзбекистонда ESG рейтингини биринчи бўлиб «Ўзкимёсаноат» АЖ қўлга киритди

“Ўзкимёсаноат” АЖ халқаро нуфузга эга “S&P Global” агентлигининг ESG (экологик, ижтимоий ва бошқарув) рейтингини олган биринчи ўзбек компаниясига айланди.
“S&P Global”таҳлилларига кўра, компаниянинг ESG кўрсаткичи 29 баллга тенг бўлди. Агентлик “Ўзкимёсаноат” АЖнинг бизнес ахлоқи, шаффофлиги, корпоратив бошқаруви ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш йўналишларидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
Мазкур рейтинг компаниянинг барқарор ривожланиш ва ижтимоий масъулият тамойилларига содиқ эканини тасдиқлайди. ESG рейтинги халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш билан бирга, барқарор инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” лойиҳаларни молиялаштириш ва хориж бозорларига чиқиш учун янги имкониятлар яратади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматига кўра, яқинда мазкур ташкилот “Fitch Ratings”нинг BB- халқаро рейтингига ҳам эга бўлган эди. Компания ESG йўналишидаги ислоҳотларни давом эттириб, барқарор ривожланишга йўналтирилган фаолиятини янада кучайтиришни режалаштирмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА