Диний соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгиланади

356

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мажлисда Концепция билан диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланаётгани айтилди.

Концепциянинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши мамлакатда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, қўмитада маҳаллий кенгашларнинг коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари ва котибият мудирлари учун “Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2023 йилдаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини баҳолаш бўйича “Очиқлик индекси” маълумотлари таҳлили” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Сенат ўз фаолиятида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига кўмаклашишга алоҳида эътибор бераётгани, бундан кўзланган мақсад маҳаллий кенгашларнинг фаолият самарадорлигини оширишдан иборат эканлиги қайд этилди.

Иштирокчилар ушбу семинар ҳудудларда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашда маҳаллий кенгашларнинг ролини оширишга, қолаверса, Сенат томонидан маҳаллий кенгашларга услубий ёрдамни тизимли ташкил этишга, келгусида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА