Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари истиқболли режаларни ҳамкорликда амалга оширади

Куни кеча Боку шаҳрида Осиё Парламент Ассамблеясининг 15-ялпи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Сенат Раиси Т.Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам иштирок этиб, минтақамизда экологик хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига оид масалаларни самарали ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга доир таклифларни илгари сурди.
“Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламент дипломатиясининг ўрни” мавзусида ўтган мазкур ялпи сессияда Ўзбекистон парламентининг минтақавий ва халқаро муносабатларни кенгайтиришда муҳим ташаббусларни илгари суриш ва халқаро тадбирларни ташкил этишдаги фаол роли алоҳида таъкидланди.

Нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Соҳиба Гафарова билан учрашди.
Унда икки мамлакат парламентлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”нинг 2024-2025 йилларга мўлжалланган режалари ижроси муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форумини ўтказиш, парламент қўмиталари ва дўстлик гуруҳи аъзоларининг яқин алоқаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар халқаро тадбирларда парламент вакилларининг фаол иштирокини таъминлашга ҳам эътибор қаратиб, Тошкентда бўлиб ўтадиган Парламентлараро Иттифоқнинг 150 – юбилей ассамблеяси доирасида самарали мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА