Халқаро танловнинг янги мавсумига старт берилди

255

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 14 февраль куни мамлакатимиз ёшлари билан мулоқот ўтказиб, учрашувда ёшлар билан ишлаш натижадорлигини ошириш, уларга янада кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилган эди.

Ушбу учрашувда ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини барвақт аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, салоҳиятини монетизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланган.

Ёшлар учун ана шундай муҳим лойиҳалардан бири “Technovation Girls Uzbekistan-2025” – Ўзбекистондаги қизлар учун йирик STEM-дастурининг янги мавсумига старт берилди.

Тадбирда 1500 нафарга яқин хотин-қизлар  иштирок этди. Technovation Girls — қизлар учун халқаро технологик танлов бўлиб, ҳар йили дунёнинг 70+ мамлакатида ўтказиб келинади. Танловнинг мақсади иштирокчи қизларга мослашувчан кўникмаларни бериш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун уларни IТ-технологияларга, дастурлаш имкониятлари ва сунъий интеллектга ҳамда технологик соҳалардаги тадбиркорликка қизиқтиришдан иборат.

Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, нутқ сўзлади. Вазир ўзбек қизларининг юқори салоҳиятга эга эканини таъкидлади.

— Ҳозирда юртимизда хотин-қизларнинг стартапларини қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу тадбирнинг бу йилги очилиши ўзбек қизларимизнинг лойиҳа ва стартапларини янада қўллаб-қувватлаш учун муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Ўйлайманки, бу йил яхшироқ ҳаракат қиладиган бўлсак, финалга чиқадиган қизларнинг сони янада кўпроқ бўлади. Ўзбек қизларининг ҳеч кимдан кам жойи йўқ. Қанча хорижий сафарларга борганимизда гувоҳ бўламиз: бизнинг қизларда креативлик кучлироқ ва бунга бошқа давлатлар ҳавас қилади. Олдингизга яхши мақсадлар қўйиб ҳаракат қилишдан тўхтамаслигингизни тилаб қоламан, – деди вазир ўз нутқида.

Н.Раҳмонова,

ЎзА