Масқатда Ўзбекистон – Ўмон тадбиркор аёллари форуми бўлиб ўтади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тадбиркор аёлларнинг Ўмон Султонлиги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир Ал-Бусаидий хоним билан учрашуви ташкил этилди.
Суҳбат чоғида ишбилармонларимизнинг Ўмонга ташрифидан кўзланган мақсад, кутилаётган натижа ва келгуси ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида Элчи давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор, айни йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзаро шерикликда аёллар ташаббуслари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
– Ўзбекистонда иш бошлаган илк кунларимдаёқ юрагим тубида икки давлат аёл тадбиркорларини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшишни ният қилгандим, – дейди Вафо Ал-Бусаидий хоним. – Шу боис ҳамкорлигимиз ривожланаётганидан жуда мамнунман.
Учрашувда ташрифни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича режали ишларни бирга давом эттиришга келишиб олинди.
М. Пирматова, ЎзА