Кувайт фармацевтика саноати етакчи компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Кувайт шаҳрида икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ йирик компания ва молия институтлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон – Кувайт бизнес-форумида иштирок этгани ҳамда бир қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Агентлик матбуот хизматидан хабар беришларича, Абдулла Азизов “KSPI” (Kuwait Saudi Pharmaceutical Industries) ва “Gulf Care” компаниялари вакиллари билан ҳам учрашди.
«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудидаги янги инвестицион лойиҳалар, мамлакатимизда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
KSPI (Kuwait Saudi Pharmaceutical Industries) 1980 йилда ташкил этилган бўлиб, Кувайтнинг ягона фармацевтика ишлаб чиқарувчи компаниясидир. 120 дан ортиқ фармацевтика маҳсулотларини муваффақиятли ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича катта тажрибага эга. Компания маҳаллий ва қўшни давлатлар фармацевтика бозорини 85 фоиз маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. “Gulf Care” эса Форс кўрфази давлатларида тиббий асбоб-ускуналар, тиббий ва лаборатория хизматларини етказиб бериш бўйича асосий компания ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА